Hadith for the World
Фазоил (фазилатлар)

Тавҳид фазли

4 hadiths

4 hadiths

Абу Саид Ал-Худрий ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам Аллоҳ таоло булар туфайли унинг хатоларини ўчиради", дедилар».Муттафақун алайҳ
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз разияллоҳу анҳуни уловга эргаштириб кетаётган эдилар. «Эй Муоз ибн Жабал», – дедилар. У: «Лаббайка ва саъдайка, эй Расулуллоҳ», – деди. Расулуллоҳ: «Эй Муоз», – дедилар. У: «Лаббайка ва саъдайка, эй Расулуллоҳ», – деди. Уч маротаба такрорланди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси бир банда Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқлигига, албатта Муҳаммад алайҳиссалом Унинг қули ва расули эканига сидқидилдан гувоҳлик берса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади», дедилар. Муоз: «Эй Аллоҳнинг расули, бу ҳақда одамларга хабар берайми? Улар бу билан хурсанд бўлишади», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Йўқ), бунинг хабарини берсанг, унга суяниб (амал қилмай қўйишади)», дедилар. Аввалига Муоз хабар бермай юрди. Лекин ўлими яқинлашганда, илмни яшириб гуноҳкор бўлиб қолишдан хавотир бўлган ҳолда унинг хабарини бердилар».Муттафақун алайҳ
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Уфайр номли эшак устида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мингашиб олган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳой Муоз, Аллоҳнинг бандалари устидаги, бандаларнинг эса Аллоҳ устидаги ҳаққи нима эканини биласанми?», – деб сўраб қолдилар. Мен: «Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир», – деб жавоб бердим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолонинг бандалари устидаги ҳаққи Унгагина ибодат қилиб, Унга бирон нарсани шерик қилмасликлари, бандаларининг Аллоҳ устидаги ҳақлари эса, Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаган кимсани азобламаслигидир», – дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, одамларга бу башоратнинг хабарини берайми?» –деб сўрасам: «Бу хабарни айтма! Агар айтсанг, улар шунгагина суяниб қоладилар!» – деб жавоб бердилар.Муттафақун алайҳ
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бир одам келиб: «Ё, Расулуллоҳ, икки хислат нима?» – деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга шерик қилмай оламдан ўтган киши жаннатга, Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиб ўлган киши эса, жаҳаннамга киради», – деб жавоб бердилар.Имом Муслим ривояти