АқидаАллоҳ таолога иймон
44 hadiths
44 hadiths
Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Бир-бирларингизга зулм қилманглар.
Эй бандаларим! Мен тўғри йўлга йўллаганлардан бошқа ҳаммангиз адашгансиз. Мендан тўғри йўлни сўранглар, сизларни тўғри йўлга йўллайман.
Эй бандаларим! Мен ризқлантирганлардан бошқа барчангиз очсиз. Мендан ризқ сўранглар, сизларни тўйдираман.
Эй бандаларим! Мен кийим берганлардан бошқангиз яланғочсиз. Мендан кийим сўранглар, кийим бераман.
Эй бандаларим! Сизлар кечаю кундуз хато (гуноҳ) қиласиз. Мен барча гуноҳларни кечиргувчиман. Мендан гуноҳларингизни кечиришимни сўранглар, гуноҳларингизни кечираман.
Эй бандаларим! Менга зарар етказа олмайсиз, чунки зарарингиз етадиган даражада эмассиз. Менга фойда келтира олмайсиз, чунки фойда келтирадиган мавқеда эмассиз.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг тақводор одамдек бўлса ҳам, мулкимни асло кўпайтирмайди.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар энг фожир одамдек бўлса ҳам, мулкимдан бир нарсани камайтирмайди.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар ҳамма бир майдонга тўпланиб, Мендан сўраса, ҳар бир инсонга сўраганини берсам, мулким денгизга ботириб чиқарилган игнанинг учидаги сувчалик ҳам камаймайди.
Эй бандаларим! Амалларингизни ҳисоблаб қўяман. Сўнг уларнинг эвазини (мукофоти ёки жазосини) тўлиқ қилиб бераман. Ким яхшиликни топса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Ким ёмонликка йўлиқса, ўзидан бошқани айбламасин!»Имом Муслим ривояти
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло бундай дейди»,– дедилар: «Ким-ки менинг дўстимга душманлик қилса, мен унга уруш эълон қиламан! Бандам мен унга фарз қилган амалдан кўра суюклироқ бирон иш билан менга яқинлаша олмайди (Аллоҳ фарз қилган амаллар Ўзи учун энг маҳбубидир). Бандам (фарзларни бажарганидан кейин) нафллар (қўшимча ибодатлар, солиҳ амаллар) билан менга яқинлашаверар экан, уни яхши кўриб қоламан. Уни яхши кўрсам, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли, юрадиган оёғи бўламан (доимо, ҳар жойда уни қўллаб-қувватлайман). (Шундан кейин) мендан (бирон ҳожатини) сўраса, уни бераман. Мендан (ўзи қўрққан нарсаларга қарши) паноҳ сўраса, уни ҳимоямга оламан. Мен ўлимни ёқтирмайдиган мўминнинг жонини олишга иккиланмаганимдек бирор нарса ҳақида иккиланмайман. Уни дарҳол бажараман ва мен бандамга ёмонликни раво кўрмайман».Имом Бухорий ривояти